Ўзбекистон ва АҚШ бизнес ҳамкорлигини кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва АҚШ бизнес ҳамкорлигини кенгайтиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ савдо вазири ўринбосари Дэвид Фогель билан учрашув ўтказди. Унда томонлар савдо, инвестициялар ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар марказида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистондаги инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларида Америка бизнесининг иштирокини ошириш масалалари бўлди.
Қайд этилишича, Америка компаниялари томонидан бундай ташаббусларга бўлган қизиқиш изчил ортиб бормоқда.
Саида Мирзиёева ушбу қизиқиш аниқ келишувларга айланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва мамлакат иқтисодий имкониятларининг кенгайиши муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, томонлар Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши фаолиятини ҳам кўриб чиқди.
Таъкидланишича, мазкур механизм икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ бизнеси ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.