Аргентина ЖЧда Жазоирни енгди, Месси хет-трик қилди
Аргентина ЖЧда Жазоирни енгди, Месси хет-трик қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Аргентина терма жамоаси Жазоир устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув АҚШнинг Миссури штатидаги Канзас-Сити шаҳрида бўлиб ўтди.
Учрашувнинг бош қаҳрамони Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси ва сардори Лионель Месси бўлди. У хет-трик қайд этиб, 17, 60 ва 76-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Ушбу натижа орқали Месси жаҳон чемпионатларидаги голлари сонини 16 тага етказди ва жаҳон чемпионатлари тўпурарлари рўйхатида Германиялик ҳужумчи Мирослав Клозе билан тенглашди. Клозе ҳисобида ҳам 16 та гол мавжуд.
Амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланган Аргентина терма жамоаси J гуруҳида иштирок этмоқда. Ушбу гуруҳда Австрия ва Иордания терма жамоалари ҳам ўйнамоқда ва улар ўз учрашувини кейинроқ ўтказади.
Иккинчи турда Аргентина 22 июнь куни Австрияга қарши баҳс олиб боради. Жазоир эса 23 июнь куни Иордания терма жамоаси билан майдонга тушади.