Ўзбекистон ва Хитой божхона соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Хитой божхона соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Хитой Халқ Республикасидаги расмий вакили К. Кадиров ҳамда Хитой Божхона брокерлари ассоциацияси (CCBA) раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда божхона расмийлаштируви соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, товарлар ҳаракатидаги маъмурий ва логистика тўсиқларини камайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида экспорт ва кўргазма юкларини расмийлаштириш, тижорат ва транспорт ҳужжатларини сифатли тайёрлаш, малакали божхона брокерлари билан ишлаш ҳамда савдо жараёнларида кечикишлар хавфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар мазкур ҳамкорлик тадбиркорлар учун амалий кўмак механизмларини кучайтириши, хусусан, божхона тартиб-таомиллари бўйича маслаҳатлашувлар йўлга қўйилиши ва брокерлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Учрашув якунида ишчи алоқаларни давом эттириш, ахборот-таҳлилий материаллар алмашиш, қўшма маслаҳатлашув тадбирларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Хитойнинг соҳавий ассоциациялари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.