Ўзбекистон ITC билан аграр ислоҳотларни муҳокама қилди
Ўзбекистон ITC билан аграр ислоҳотларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро Савдо Кенгаши бош иқтисодчиси Тристан Эванс билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида аграр соҳада икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий ёндашувлар ва инновацион ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар соҳани рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаш ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминот занжирининг шаффофлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди. Бу йўналишдаги ислоҳотлар халқаро стандартларга мос рақобатбардош аграр тизимни шакллантиришда муҳим омил экани таъкидланди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ва аграр тармоқни барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.