Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон GULF ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини кенгайтиришни муҳокама қилди

UzDaily · 19.06.2026 · 09:05 · 26 views
Ўзбекистон GULF ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон GULF ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини кенгайтиришни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев «GULF» компанияси кенгаши аъзоси Роберт Векслер билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида томонлар нефть маҳсулотлари савдоси, замонавий автоёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини кенгайтириш, шунингдек, Самарқанд вилоятида истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Қайд этилишича, «GULF» – АҚШда ташкил этилган халқаро нефть-газ бренди бўлиб, ҳозирда асосан нефть маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш йўналишида фаолият юритади. Компания мотор ва саноат мойлари ишлаб чиқариш, автокимё маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантириш билан шуғулланади.

Учрашувда Ўзбекистонда «GULF» бренди остида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратиш лойиҳасининг бориши ҳам муҳокама қилинди. Умумий қиймати 250 миллион долларга тенг лойиҳанинг дастлабки босқичида 6 та шохобча хусусийлаштирилган бўлиб, уларнинг аксарияти Самарқандда жойлашган.

Шунингдек, йил якунига қадар яна 32 та шохобчани хусусийлаштириш, модернизация қилиш ва халқаро стандартларга мослаштириш режалаштирилмоқда.

Томонлар учрашув якунида инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш ва уни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

UzDaily · 👁 26 views · 19.06.2026 · 09:05