Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон фуқароларни яшаш жойида рўйхатдан ўтказишни соддалаштиради

Дилафруз Ниязова · 18.08.2026 · 21:51 · 3 views
Ўзбекистон фуқароларни яшаш жойида рўйхатдан ўтказишни соддалаштиради
Ўзбекистон фуқароларни яшаш жойида рўйхатдан ўтказишни соддалаштиради / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фуқароларни яшаш жойи ва яшаш жойида рўйхатдан ўтказишни соддалаштирувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси сифатида ишлаб чиқилган.

Ушбу ҳужжат аҳолини яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ таъминлашга қаратилган учта муҳим янгилик назарда тутилмоқда. Хусусан, оила аъзолари ва яқин қариндошлари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда.

Яъни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги назарда тутиляпти. Бу эса оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишни енгиллаштиришга хизмат қилади.

Лойиҳада талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабаларга нисбатан алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этилиб, уларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги ҳам белгиланмоқда. Бу эса олий таълим муассасаларида талабаларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мавжуд амалий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда ипотека кредити ёки субсидия асосида уй сотиб олган кўплаб фуқаролар ўз уйида рўйхатдан ўтишда қийинчиликка дуч келмоқда. Бу эса уларга фарзандларини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, поликлиникага бириктириш, пенсия ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда муаммо туғдиряпти.

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда тақиқ ёки хатлаб қўйилган турар жойда яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун гаровга олувчининг, тақиқ ва хатлаб қўйишга ёки уни олиб ташлашга ваколатли органнинг розилигини олиш талаб этилмайди. Бу норма, аввало, уй-жой мулкдори ва унинг оила аъзоларининг ўз уйида қонуний рўйхатдан ўтишига имконият яратади.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.