Миграция тўғрисидаги қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун қўмитага қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар “Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишга оид атама ва тушунчалар барча қонун ҳужжатларида бирхиллаштирилмоқда. Жумладан, амалдаги бир қатор кодекс ва қонунлардаги “доимий яшаш жойи”, “вақтинча турган жойи” каби тушунчалар тегишли тарзда “яшаш жойи” ва “турган жойи” тушунчаларига алмаштирилмоқда.
Шунингдек, туризм ва хизматлар соҳасининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш мақсадида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳмонхоналар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, санаторийлар, даволаш панционатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналарда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Мунозараларда лойиҳадаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси масъул қўмита томонидан такомиллаштириладиган бўлди.