Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон делегацияси гўшт ва картошка саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Лаҳор ва Окара шаҳарларига ташриф буюрди

Дилафруз Ниязова · 25.02.2026 · 13:05 · 367 views
Ўзбекистон делегацияси гўшт ва картошка саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Лаҳор ва Окара шаҳарларига ташриф буюрди
Ўзбекистон делегацияси гўшт ва картошка саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Лаҳор ва Окара шаҳарларига ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчихонаси кўмагида 19–20 февраль кунлари Ўзбекистон делегациясининг Покистоннинг Лаҳор ва Окара шаҳарларига ташрифи ташкил этилди. Делегация таркибидан банк, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ҳамда карантин соҳаси вакиллари ўрин олди.

Ташриф давомида делегация Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ҳамроҳлигида гўшт етиштиришга ихтисослашган йирик “Zenith”, “Tazij Meats”, “Abedin International”, “Anis Associates”, “Go Food” ва “Quality Meat” компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Учрашувларда чорва молларини қўшма етиштириш, гўшт сақлаш омборлари ва дистрибюторлик марказларини ташкил этиш, логистика ҳамда экспорт масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги, сертификатлаш жараёнлари билан танишди. Музокаралар якунида Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш ва гўшт экспортини кенгайтириш бўйича тижорий таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

Сафарнинг иккинчи кунида делегация картошка етиштириш ва экспортига ихтисослашган “FFF Traders”, “Al Khas Trading”, “Jamshaid Traders”, “Madina Enterprises” каби компанияларда бўлиб, соҳада илғор тажриба ва технологиялар билан танишди.

Учрашувлар якунида Покистон тажрибаси асосида Ўзбекистон ҳудудларида картошка етиштириш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.