Туризм

Ўзбекистон CEOWORLD хавфсизлик рейтингида 27-ўринни эгаллади

Ўзбекистон CEOWORLD хавфсизлик рейтингида 27-ўринни эгаллади
Ўзбекистон CEOWORLD хавфсизлик рейтингида 27-ўринни эгаллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 23 ноябрь куни CEOWORLD Magazine нашри томонидан эълон қилинган Travel Safety Ranking 2027 рейтингида сайёҳлар учун хавфсизлик даражаси жуда юқори бўлган мамлакатлар қаторига кирди. Мамлакат 198 та давлат ва ҳудуд орасида 100 баллик тизимда 81,03 балл тўплаб, 27-ўринни эгаллади ҳамда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистон хавфсизлик даражаси энг юқори бўлган мамлакатларни қамраб олувчи Very High тоифасига киритилди. Қўмита маълумотларига кўра, баҳолашда мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик, жамоат тартиби ҳамда ички осойишталик ҳисобга олинган. Қўмита, шунингдек, 2026 йилги Global Peace Index рейтингида ҳам Ўзбекистон тинч мамлакатлар қаторига киритилганини таъкидлади.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам юқори баҳоларга эга бўлди, бироқ рейтингда Ўзбекистондан кейинги ўринларни эгаллади. Қозоғистон 44-ўринни (76,87 балл), Туркманистон 57-ўринни (72,45 балл), Қирғизистон 65-ўринни (70,3 балл), Тожикистон эса 73-ўринни (68,11 балл) қайд этди.

Ўзбекистон бир қатор йирик сайёҳлик йўналишларидан ҳам юқори ўринни эгаллади. Австралия 29-ўринни (80,76 балл), Канада 34-ўринни (80,41 балл), Германия 67-ўринни (70,16 балл), Буюк Британия 76-ўринни (67,42 балл), АҚШ 87-ўринни (64,45 балл), Франция эса 105-ўринни (60,96 балл) эгаллади. Ўзбекистон, Австралия ва Канада натижалари ўртасидаги фарқ атиги 0,62 баллни ташкил этди.

CEOWORLD Magazine — халқаро бизнес, иқтисодиёт, молия, технологиялар ва саёҳат мавзуларига ихтисослашган инглиз тилидаги онлайн нашр. Қўмита маълумотларига кўра, нашр аудиторияси 180 дан ортиқ мамлакатдаги 12,4 миллиондан зиёд ўқувчини қамраб олади.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти ўзининг саёҳатчилар учун тавсиялар беришга мўлжалланган тўрт даражали тизимида Ўзбекистонга биринчи даража — Exercise Normal Precautions мақомини берган эди. Бу хавфсизликка оид хатарлар минимал эканини ва одатий эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда мамлакатга саёҳат қилиш мумкинлигини англатади.

Иккинчи даража — Exercise Increased Caution юқори даражада эҳтиёткорлик кўрсатишни тавсия этади. Учинчи даража — Reconsider Travel саёҳат режаларини қайта кўриб чиқишга чақиради. Тўртинчи даража — Do Not Travel эса сафардан воз кечиш тавсиясини англатади.

]

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.