Технологиялар

Enterprise Uzbekistan Лондонда ҳуқуқий моделини тақдим этди

Enterprise Uzbekistan Лондонда ҳуқуқий моделини тақдим этди
Enterprise Uzbekistan Лондонда ҳуқуқий моделини тақдим этди / Фото: «Enterprise Uzbekistan».

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Enterprise Uzbekistan Лондонда ўтказилган иккита бизнес тадбирида Британия ва халқаро компанияларга ўзининг ҳуқуқий модели ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги регулятор синов майдончаси имкониятларини тақдим этди. Бу ҳақда Enterprise Uzbekistan хабар берди.

Ташкилотнинг глобал бизнесни ривожлантириш бўйича вице-президенти Баходир Аюпов бошчилигидаги жамоа Uzbekistan Outsourcing Conference (UOC) ва Eurasia Growth Hub очилишига бағишланган Digital Eurasia тадбирларида иштирок этди.

UOC доирасида Баходир Аюпов ва SteelRose компанияси асосчиси ҳамда ҳамкори Зу О’Донован «Янги бозор, таниш ҳуқуқий тамойиллар» мавзусида эркин суҳбат (fireside chat) форматида муҳокама ўтказди.

Иштирокчилар Enterprise Uzbekistan моделида Англия умумий ҳуқуқи тамойилларини қўллаш, регулятор синов майдончасининг фаолияти ва халқаро компанияларнинг бозорга кириш шартларини муҳокама қилдилар. Тингловчилар орасида ахборот технологиялари, бизнес-жараёнлар аутсорсинги ва профессионал хизматлар соҳаларида фаолият юритувчи Британия ҳамда халқаро компаниялар вакиллари, шунингдек, инвесторлар, юристлар ва маслаҳатчилар бор эди.

Digital Eurasia тадбирида Аюпов Enterprise Uzbekistan фаолиятини стартаплар, инвесторлар, тадбиркорлар ва давлат органлари вакилларига таништирди.

У ташкилотнинг устувор йўналишларида халқаро технологик компаниялар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди. Улар қаторига сунъий интеллект, рақамли технологиялар, венчур капитали, интеллектуал мулк ва рақамли ечимлар экспорти киради.

Eurasia Growth Hub IT Park Uzbekistan ва Astana Hubнинг қўшма ташаббуси асосида ташкил этилган.

Платформа Ўзбекистон ва Қозоғистон технологик компанияларига Буюк Британия бозорига чиқишда, Британия компаниялари ва инвесторларига эса Марказий Осиёнинг технологик экотизимидан фойдаланишда ёрдам беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.