Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон АҚШнинг H-2A дастури бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 06.08.2026 · 19:20 · 30 views
Ўзбекистон АҚШнинг H-2A дастури бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон АҚШнинг H-2A дастури бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон АҚШнинг H-2A дастури бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида хорижлик ходимларни ишга жойлаштиришга ихтисослашган яна бир Америка рекрутинг компанияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳужжат АҚШдаги H-2A виза дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларини мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига тайёрлаш ва ишга жойлаштиришни назарда тутади.

Миграция агентлиги маълум қилишича, мазкур келишув уюшган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон фуқаролари учун қонуний меҳнат қилиш имкониятларини янада оширишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида томонлар Америка иш берувчиларининг талабларини инобатга олган ҳолда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, номзодлар учун инглиз тили ва касбий тайёргарлик курсларини ташкил этиш, амалий кўникмаларни баҳолаш ҳамда қўшма сертификатлаш тизимини жорий қилиш, шунингдек, ишчиларни танлаш ва юборишнинг шаффоф механизмларини яратишни режалаштирмоқда.

Эришилган келишувларга мувофиқ, Миграция агентлиги номзодларни саралаш, уларни АҚШ меҳнат қонунчилиги ва меҳнат шароитлари бўйича тайёрлаш, шунингдек, мавсумий ишлар якунланганидан сўнг Ўзбекистон фуқароларининг ўз вақтида Ватанга қайтишини таъминлайди.

Идоранинг маълум қилишича, Америка иш берувчиларининг мавсумий қишлоқ хўжалиги ходимларини жалб қилиш бўйича дастлабки буюртмалари, шунингдек, номзодларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақидаги маълумотлар Миграция агентлигининг «Xorijda ish» Telegram-каналида эълон қилиб борилади.