Ўзбекистон

Oхангарoнда боғчада заҳарланган бола вафот этди

Oхангарoнда боғчада заҳарланган бола вафот этди
Oхангарoнда боғчада заҳарланган бола вафот этди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Oхангарoн шаҳридаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 2023 йилда туғилган тарбияланувчи ҳашаротларга қарши воситадан заҳарланиб, икки кун ўтиб шифохонада вафот этди. Бу ҳақда 27 сентябрь куни Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, боланинг бувиси аутсорсинг ташкилоти орқали болалар боғчасида ошпаз бўлиб ишлаган. 28 август куни бола унинг олдига ошхонага кирган ва у ерда ҳашаротларга қарши воситани ичиб қўйган. 30 август куни бола шифохонада вафот этган.

Ҳозирда тарбияланувчининг ошхона ҳудудига қандай кириб қолгани, хавфли восита нима сабабдан бола етиши мумкин бўлган жойда сақлангани ва уни сақлаш учун ким масъул бўлгани аниқланмоқда.

Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси воқеа билан боғлиқ барча ҳолатлар синчиклаб текширилишини маълум қилди. Айби аниқланган шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилиши айтилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 сентябрь куни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Мазкур норма касбий вазифаларни лозим даражада бажармаслик оқибатида эҳтиётсизлик орқали инсон ўлимига сабаб бўлганлик учун жавобгарликни назарда тутади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, тергов доирасида бир нафар шахс гумонланувчи мақомига эга.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.