«Ўзбекнефтгаз» ва Bank of China лойиҳани молиялаштириш бўйича келишиб олдилар
«Ўзбекнефтгаз» ва Bank of China лойиҳани молиялаштириш бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев Халқаро инвестиция форумида иштирок этган Хитойнинг йирик молиявий институтларидан бири — Bank of China бош офиси вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан сўнгги йилларда эришилган молиявий натижалар, амалга оширилаётган трансформация жараёнлари, корпоратив бошқарув тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда компаниянинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, давлат томонидан кўрсатилаётган тизимли қўллаб-қувватлаш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, углеводород захираларини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда замонавий рақамли бошқарув ечимларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар тақдим этилди.
Музокаралар чоғида «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, импорт шартномаларини қўллаб-қувватлаш, икки томонлама ва синдикат кредит линиялари ҳажмини кенгайтириш, хеджирлаш механизмларини қўллаш, панда облигацияларини чиқариш ҳамда қарз портфелини оптималлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Алоҳида таъкидланганидек, компания 2026 йилда қарз маблағлари қийматини пасайтириш, молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва узоқ муддатли ҳамда қулай молиявий ресурсларни жалб этишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Учрашув якунида томонлар мавжуд ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш ва ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришдилар.