Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Молия

Ўзбекистоннинг давлат қарзи II чоракда $48,32 млрдга етди

Дилафруз Ниязова · 25.08.2026 · 13:11 · 406 views
Ўзбекистоннинг давлат қарзи II чоракда $48,32 млрдга етди
 Ўзбекистоннинг давлат қарзи II чоракда $48,32 млрдга етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2026 йилнинг иккинчи чораги якунига кўра 48,32 млрд долларни ташкил этди. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 46,99 млрд доллар бўлган, яъни давлат қарзи 1,33 млрд долларга ошган. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Ҳисобот даврида давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 26,3 фоиздан 27,0 фоизга ошди. Қарзнинг асосий қисмини ташқи қарз ташкил этмоқда: биринчи чоракда унинг ҳажми 39,78 млрд доллар (умумий қарзнинг 85 фоизи), иккинчи чоракда эса 40,71 млрд доллар (84 фоиз) бўлди. Бу ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 22,8 фоизни ташкил этганини англатади, бир чорак аввал бу кўрсаткич 22,2 фоиз эди. Ички қарз 7,21 млрд доллардан 7,60 млрд долларга ошди. Унинг умумий давлат қарзидаги улуши 15 фоиздан 16 фоизга, ЯИМга нисбати эса 4,0 фоиздан 4,2 фоизга кўтарилди.

Ташқи қарз таркибида қатъий фоиз ставкали қарзлар устунлик қилмоқда. Уларнинг ҳажми 20,78 млрд доллардан 21,72 млрд долларга, улуши эса 44 фоиздан 45 фоизга ошди. Ўзгарувчан фоиз ставкали кредитларнинг улуши эса 40 фоиздан 39 фоизга камайди.

Хорижий валютада ифодаланган қарз ташқи қарз портфелининг 82 фоизидан 80 фоизига тушди. Миллий валютадаги мажбуриятлар улуши эса 2 фоиздан 4 фоизга ошди. Ташқи қарзнинг деярли барчаси узоқ муддатли бўлиб қолмоқда: иккинчи чоракда бир йилдан ортиқ муддатда сўндирилиши лозим бўлган мажбуриятлар 39,29 млрд долларни ёки умумий ташқи қарзнинг 81 фоизини ташкил этди.

Ички қарз таркибида миллий валютадаги инструментларнинг улуши 10 фоиз даражасида сақланиб қолди. Шу билан бирга, хорижий валютадаги мажбуриятлар улуши 6 фоиздан 5 фоизга камайди. Ички қарзнинг қисқа муддатли қисми 0,80 млрд доллардан 1,17 млрд долларга ошди.

Ташқи қарз қайси валютада ифодалангани бўйича энг катта улуш ҳамон АҚШ долларига тўғри келмоқда — 27,44 млрд доллар ёки 57 фоиз. Бир чорак аввал бу кўрсаткич 58 фоиз эди. Кейинги ўринларда евро — 3,90 млрд доллар (8 фоиз), Япония иенаси — 2,75 млрд доллар (6 фоиз) ва Хитой юани турибди. Юандаги қарз ҳажми 1,39 млрд доллардан 1,50 млрд долларга ошган бўлса-да, унинг улуши қарийб 3 фоиз даражасида қолди. Ташқи қарз таркибида ўзбек сўмининг улуши икки баробар ошиб, 2 фоиздан 4 фоизга етди.

Кредиторлар орасида энг катта улушни халқаро молия институтлари сақлаб қолмоқда — 22,48 млрд доллар ёки ташқи қарзнинг 55 фоизи. Ушбу гуруҳда Жаҳон банки 9,12 млрд доллар (22 фоиз) ва Осиё тараққиёт банки 8,18 млрд доллар (20 фоиз) билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — 2,32 млрд доллар ва Ислом тараққиёт банки — 1,20 млрд доллар қайд этилган.

Хорижий ҳукуматларнинг молиявий ташкилотлари ташқи қарзнинг 28 фоизини ёки 11,45 млрд долларини ташкил этади. Ушбу маблағларнинг энг катта қисми Хитойнинг Тараққиёт банки ва Эксимбанки ҳиссасига тўғри келади — 3,89 млрд доллар. Ўзбекистоннинг халқаро облигацияларига инвестиция киритган инвесторларнинг улуши 15 фоиздан 17 фоизга ошди. Еврооблигациялар бўйича қарз ҳажми эса 5,80 млрд доллардан 6,78 млрд долларга кўпайди.

Ташқи қарздан фойдаланиш йўналишлари бўйича унинг ярми — 20,53 млрд доллар ёки 50 фоизи давлат бюджети қўллаб-қувватланишига йўналтирилган. Ёқилғи-энергетика соҳасига 5,47 млрд доллар (13 фоиз) ажратилган бўлиб, шундан 4,21 млрд доллар электр энергетикасига тўғри келади.

Транспорт инфратузилмасига 3,06 млрд доллар (8 фоиз), қишлоқ ва сув хўжалигига 3,34 млрд доллар (8 фоиз), уй-жой коммунал хўжалигига 3,38 млрд доллар (8 фоиз) йўналтирилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳалар ҳиссасига 3,72 млрд доллар ёки ташқи қарзнинг 9 фоизи тўғри келади.