Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонлик мутахассислар Иорданияда ўқув машғулотларини якунладилар

UzDaily таҳририяти · 07.08.2026 · 10:48 · 30 views
Ўзбекистонлик мутахассислар Иорданияда ўқув машғулотларини якунладилар
Ўзбекистонлик мутахассислар Иорданияда ўқув машғулотларини якунладилар / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилининг 26 июль–3 август кунлари Иордания Ҳошимийлар Қироллигида Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) томонидан “Экотизим хизматларини баҳолаш, ёмғир сувларини йиғиш ва ерларни қайта тиклаш мониторинги” мавзусида минтақавий салоҳиятни ошириш семинари ҳамда “Ёмғирдан қайта тиклаш сари” дала академияси бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирлар “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва ерларни тиклаш бўйича таъсир дастури (FOLUR)” доирасида ташкил этилди.

ICARDA ва Иордания Миллий қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази (NARC) ҳамкорлигида амалга оширилган ушбу малака ошириш дастурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Лойиҳа офиси, тармоқ илмий-тадқиқот институтлари ҳамда ФАО вакиллари иштирок этишди.

Дастур доирасида иштирокчилар экотизим хизматларини баҳолаш, ёмғир сувларини йиғиш ва самарали бошқариш, деградацияга учраган ерлар ҳамда яйловларни қайта тиклаш, табиий ресурслар мониторинги, тозаланган оқова сувлардан қайта фойдаланиш, шунингдек, Сув–Энергетика–Озиқ-овқат–Экотизимлар ўзаро боғлиқлиги (WEFE Nexus) ёндашувлари бўйича ICARDA ва Иорданиянинг илғор тажрибалари билан танишмоқда. Назарий машғулотлар билан бир қаторда дала амалиётлари ва инновацион технологиялар намойишлари ҳам ташкил этилган.

Мазкур халқаро семинар ва дала академияси давомида олинган билим ҳамда амалий тажрибалар мамлакатимизда ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, ер деградациясининг олдини олиш, ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мос инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.