Ўзбекистон

Ўзбекистонда қутқарувчилар тайёрлайдиган техникум очилади

Ўзбекистонда қутқарувчилар тайёрлайдиган техникум очилади
Ўзбекистонда қутқарувчилар тайёрлайдиган техникум очилади / Фото: ФВВ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузурида Қутқарувчилар тайёрлаш техникуми ташкил этилади. Таълим муассасаси 2027/2028 ўқув йилидан фаолият бошлайди. Бу 2026 йил 6 ноябрдаги 611-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган.

Аввалроқ техникумни ташкил этиш 2026 йил 3 апрелдаги ПҚ-123-сон Президент қарорида назарда тутилган эди.

Янги ҳужжатда таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш тартиби ва мутахассислар тайёрлашнинг асосий йўналишлари белгиланган.

Техникумга умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Таълим жараёнини бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида ташкил этиш режалаштирилган.

Таълим муассасасининг асосий вазифаларидан бири фавқулодда вазиятлар органлари учун замонавий касбий билим ва амалий кўникмаларга эга қутқарувчиларни тайёрлашдан иборат бўлади.

Ўқитиш сифатини ошириш мақсадида назарий ва амалий тайёргарликни уйғунлаштириш кўзда тутилган.

Бунинг учун симуляцион, имитацион ва виртуал лабораториялар, шунингдек, бўлажак мутахассислар фавқулодда вазиятларда ишлаш кўникмаларини машқ қилиши мумкин бўлган ўқув полигонларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

2029 йилдан бошлаб техникумнинг профессионал таълим йўналишлари битирувчилари орасидан фавқулодда вазиятлар органлари учун кадрлар захираси шакллантирилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.