Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТ)нинг солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича Глобал форуми Бали декларациясига қўшилди.
Ҳужжат Парижда Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Форум котибияти раҳбарияти билан учрашуви доирасида имзоланди.
Музокаралар 2026 йил 28–30 октябрь кунлари ўтказилаётган ИҲТ/G20нинг BEPS бўйича Инклюзив ҳамкорлик доираси 18-ялпи мажлиси доирасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов бошчилик қилди.
Котибият номидан учрашувда рискларни бошқариш масалаларига масъул Северин Баранже иштирок этди.
Глобал форум вакиллари Ўзбекистондаги ислоҳотлар, жумладан, солиқ маъмуриятчилиги тизимидаги ўзгаришларни кузатиб бораётганини маълум қилди. Улар мамлакатнинг ушбу соҳада эришган натижаларини ижобий баҳолади.
Қайд этилган натижалар қаторида Ўзбекистоннинг 2026 йил 15 июлда имзоланган Солиқ масалалари бўйича ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисидаги конвенцияга (MAAC) қўшилгани, шунингдек, сўров бўйича солиқ ахборотини алмашиш халқаро стандартига риоя этилиши юзасидан эксперт баҳолаш натижалари қайд этилди. Текширув якунларига кўра, ҳисобот лойиҳасига «Асосан мувофиқ» деган умумий баҳо берилди.
Котибият халқаро келишувлар доирасида ахборотни ошкор қилиш талабларини, жумладан, якуний бенефициар мулкдорлар ҳақидаги маълумотларни кенгайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрланаётганини ҳам таъкидлади. Мамлакатда солиқ назоратида қўлланилаётган рискларга асосланган ёндашув ва солиқ маъмуриятчилигининг юқори даражада рақамлаштирилгани ҳам ижобий баҳоланди.
Бали декларациясининг имзоланиши Ўзбекистоннинг Глобал форумнинг Осиё ташаббусига қўшилганини англатади. Ушбу йўналиш доирасида мамлакат Япония, Корея Республикаси, Сингапур, Хитой, Гонконг, Малайзия, Индонезия ва Ҳиндистон солиқ маъмуриятчилиги органлари тажрибасини ўрганиш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Котибият Ўзбекистонга солиқ ахборотини автоматик алмашиш стандартини жорий этишга тайёргарлик кўришда техник кўмак бериш, шунингдек, мутахассисларни ўқитишга ёрдамлашишга тайёрлигини тасдиқлади.
Солиқ рискларини таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Глобал форум вакиллари манфаатдор мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш ва илғор амалиётларни оммалаштиришга бағишланган минтақавий тадбирларни Ўзбекистонда ташкил этишни таклиф қилди.