Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кореянинг AUM & LEE Architects & Associates компанияси билан Тошкент шаҳрида 265 ўринли янги онкология марказини қуриш лойиҳаси бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзолади. Ҳужжат соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адиловнинг компания вице-президенти Ли Вон Сок билан учрашуви якунлари бўйича имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда томонлар лойиҳанинг кейинги босқичларини муҳокама қилди. Онкология маркази Корея Эксимбанки билан ҳамкорликда Тошкентда ташкил этилаётган тиббиёт кластеридаги муҳим объектлардан бирига айланади.
«Биз учун марказни юқори сифат даражасида қуриш муҳим. Корея томонининг тажрибаси ва иш сифатига ишонамиз», — деди вазир.
AUM & LEE консорциуми лойиҳалаш, қурилишни бошқариш ва назорат қилиш, шунингдек, тиббий ускуналарни танлаш масалалари бўйича маслаҳат беради. Унинг вазифаларига марказда кўрсатиладиган тиббий хизматларни ва ахборот тизимини режалаштириш ҳам киради.
Лойиҳа марказ ходимлари учун тиббий ёрдам сифати, радиология, ядровий тиббиёт ва нур терапияси йўналишларида уч босқичли амалий ўқув дастурини ҳам назарда тутади.