Ўзбекистон

Ўзбекистонда психологик хизмат ва таълим тизими ислоҳ қилинади

Ўзбекистонда психологик хизмат ва таълим тизими ислоҳ қилинади
Ўзбекистонда психологик хизмат ва таълим тизими ислоҳ қилинади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда педагоглар ва ўқувчилар ҳар йили психологик диагностикадан ўтказилади, таълим соҳасида янги илмий-тадқиқот ва маслаҳат тузилмалари ташкил этилади. Шунингдек, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун колл-марказ йўлга қўйилади.

Тегишли чора-тадбирлар 2026 йил 19 октябрда қабул қилинган Президент қарорларида назарда тутилган.

Педагоглар, тарбиячилар, ўқувчилар, тарбияланувчилар ва талабалар камида ҳар бир ўқув йилида бир марта психологик диагностикадан ўтказилади.

«Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-379-сон қарорга мувофиқ, ушбу тизим икки босқичда жорий этилади.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб диагностика мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида бошланади. 2027/2028 ўқув йилидан эса у ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларига ҳам татбиқ этилади.

Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Ўқув-илмий психология маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. У Таълим ва фан вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

2027 йил 1 январдан институтда рақамли психология ва сунъий интеллект психологияси, таълим психологияси ва психологик хизмат, шунингдек, психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.

Диагностика махсус электрон платформа орқали ўтказилади. Маълумотларга ишлов бериш жараёнида шахсий ахборотнинг махфийлиги таъминланиши шарт.

Текширув натижалари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади. Шундан сўнг иштирокчилар уч гуруҳга ажратилади: психологик жиҳатдан барқарор шахслар, психологик ёрдамга муҳтожлар ва фаол психологик қўллаб-қувватлаш талаб этиладиган шахслар.

Иккинчи гуруҳ вакилларига таълим ташкилотларининг психологлари бириктирилади. Фаол психологик ёрдамга муҳтож шахслар билан эса тегишли ҳудудлардаги психолог-менторлар ишлайди.

Қарорда мутахассисларни рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган. Малака ошириш бўйича каскад курсларига ўқитувчи сифатида жалб қилинадиган психологларга ушбу даврда асосий иш жойидаги лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорида устама белгиланади.

Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар психолог-менторга энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофот берилади. Таълим ташкилотларидаги психологик хизмат ходимларининг малакасини камида ҳар беш йилда бир марта ошириши мажбурий бўлади.

Ислоҳотларнинг яна бир йўналиши Таълим ва фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда аҳоли билан ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган.

Вазирликда аутсорсинг асосида фуқароларнинг мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтириш учун колл-марказ ташкил этилади. Шунингдек, аҳоли ва таълим-фан соҳаси ходимлари билан доимий мулоқотни таъминлаш, таълим хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятлари ҳақидаги маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлашга хизмат қилувчи қайта алоқа тизими жорий этилади.

Таълим ва фан вазири ҳузурида Таълим масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилади. Унинг таркибига ўқувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакиллари киритилади.

Вазирлик ҳайъати 15 нафар аъзодан иборат бўлади. Унга ҳайъат раиси ҳисобланадиган вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги агентликлар раҳбарлари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, олимлар ва педагоглар киради.

2027 йил 1 февралга қадар вазирга истисно тариқасида вазирлик марказий аппаратига ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат натижалари асосида ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ва узлуксиз таълимни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилади.

Таълим ва фан вазирлиги ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Таълим ва фан соҳасида стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ташкил этилади.

Шу билан бирга, вазирлик ҳузурида Билим ва малака кўникмаларини баҳолаш агентлиги фаолияти йўлга қўйилади.

Айни пайтда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.