Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Давлат котиби Марко Рубио рафиқаси билан Ўзбекистонга келди. Америка дипломати бўлган самолёт Самарқанд халқаро аэропортига қўнди. У ерда уни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хениг кутиб олди.
Самарқандда Рубио АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади. АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон ва Ҳиндистонга сафари 17–22 октябрь кунларига белгиланган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 13 октябрда эълон қилинган баёнотида маълум қилинган.
Америка ташқи сиёсат идораси таъкидлашича, C5+1 учрашувида АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида тинчликни мустаҳкамлаш ва фаровонликни таъминлашда стратегик ҳамкорликнинг ўрни муҳокама қилинади. Ташриф доирасида Рубио минтақадаги давлатлар вакиллари билан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказади.
Давлат департаменти маълумотларига кўра, Давлат котибига Америка бизнесининг 200 дан ортиқ вакили ҳамроҳлик қилмоқда. Вашингтон ушбу ташриф АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилишидан умид қилмоқда.
Ўзбекистонга ташрифидан сўнг Рубио Ҳиндистонга йўл олади. Мумбай ва Жамнагар шаҳарларида Ҳиндистон расмийлари билан стратегик шериклик, минтақавий ва халқаро кун тартиби, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилиш учун учрашувлар режалаштирилган. Бундан ташқари, Давлат котиби икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан музокаралар ўтказади.