Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистонда маҳкумларга онлайн харидларга рухсат берилиши мумкин

Дилафруз Ниязова · 25.08.2026 · 21:50 · 378 views
Ўзбекистонда маҳкумларга онлайн харидларга рухсат берилиши мумкин
Ўзбекистонда маҳкумларга онлайн харидларга рухсат берилиши мумкин / Фото: Ички ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда маҳкумларга рухсат этилган озиқ-овқат маҳсулотлари, буюмлар ва бошқа товарларни инфокиосклар, веб-сайтлар ҳамда мобил иловалар орқали харид қилишга рухсат берилиши мумкин. Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Лойиҳага кўра, бундай харидларни маҳкумларнинг ўзлари ҳам, уларнинг яқинлари ҳам амалга ошириши мумкин бўлади. Бунинг учун жазони ижро этиш муассасалари ичида ўрнатилган инфокиосклар, шунингдек, ташқи электрон платформалар, жумладан, веб-сайтлар ва мобил иловалардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Жазони ижро этиш муассасалари харид қилинаётган товарларнинг тасдиқланган рўйхат ва белгиланган техник талабларга, жумладан, қадоқлаш талабларига мувофиқлигини назорат қилади.

Агар рухсат этилган буюмлар ёки предметлар миқдори белгиланган меъёрдан ошиб кетса, уларни муассаса омборида сақлашга топшириш таклиф этилмоқда. Маҳкум зарур буюмларни омбордан тегишли ариза асосида олиши мумкин бўлади.

Жазони манзил-колонияларда ўтаётган маҳкумлар учун алоҳида ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда. Лойиҳага мувофиқ, уларга харид қилинадиган ва ўзларида сақланадиган товарларнинг вазни ва миқдори бўйича чекловлар, шу жумладан, белгиланган ойлик лимитлар татбиқ этилмайди.

Лойиҳада маҳкумларга харид қилиш ва ўзларида сақлашга рухсат этилган озиқ-овқат маҳсулотлари, буюмлар ва предметлар рўйхатини тасдиқлаш ҳам назарда тутилган.

Рўйхатга нон ва ун маҳсулотлари, макарон ва спагетти, тузланган ва дудланган балиқ, пишлоқ ва сариёғ, печенье, вафли, шоколад, конфетлар ҳамда миллий ширинликлар киритилган. Шунингдек, чой ва қаҳва, янги мевалар ва сабзавотлар, ёнғоқлар ҳамда қуритилган меваларни харид қилишга рухсат берилиши кўзда тутилмоқда.

Рўйхатдан гўшт, балиқ ва сабзавот консервалари, кетчуп, майонез ва бошқа соуслар, қуюлтирилган сут, қатиқсимон қуритилган маҳсулот — қўрт, лапша ва тез тайёрланадиган шўрвалар ҳам ўрин олган. Ичимликлардан ичимлик суви ва газланган сув, лимонадлар ҳамда бошқа ичимликларга рухсат берилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, лойиҳада айрим тамаки маҳсулотларини, жумладан, турли хил сигареталар ва носвой, шунингдек, оддий гугуртларни харид қилишга ҳам рухсат бериш назарда тутилган. Рўйхатда канцелярия буюмлари ҳам кўрсатилган.

Бунда рухсат этилган барча товарлар уларнинг тури ва қадоғига нисбатан белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.