Иқтисод

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарор ўсишни намоён этмоқда — ИТИМ ҳисоботи

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарор ўсишни намоён этмоқда — ИТИМ ҳисоботи
Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарор ўсишни намоён этмоқда — ИТИМ ҳисоботи

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида кузатилган ўзгаришлар таҳлилини эълон қилди. Тадқиқот маълумотларига кўра, 2025 йил январь–июн ойларида уй-жой савдолари 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 10,6%га ошиб, 136,5 минг объектга етди.

Июн ойида республика бўйича 21 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилиб, бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 3,7%га кўпдир.

Ҳудудий динамика

Энг катта ўсиш суръатлари Жиззах (29,9%), Навоий (18,3%) ва Сурхондарё (17,7%) вилоятларида қайд этилди. Тошкент вилоятида эса битимлар ҳажми 2,6%га камайган.

Иккилламчи бозор

Июн ойида иккилламчи бозорда уй-жойнинг ўртача нархи май ойига нисбатан 0,3%га ўсди. Йиллик ҳисобда ўсиш 1,8%ни ташкил этиб, кўп ҳудудларда барқарор талаб сақланаётганини кўрсатди. Йиллик ўсиш суръати бўйича етакчилик Жиззах вилоятига тегишли (11,7%), ҳарчанд июн ойида ўртача нарх 1,3%га пасайди. Мусбат динамика Сурхондарё (10,9%), Хоразм (7,3%), Наманган (7,1%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (9,3%) ҳам кузатилди.

Тошкент: “иккилламчи” ва янги қурилган уйлар

Пойтахтда иккилламчи уй-жой нархлари йиллик ҳисобда 4,8%га, янги қурилган уйлар нархи эса 1,6%га пасайди. Иккилламчи бозорда энг катта тушиш Мирзо-Улуғбек (-7,6%), Яшнобод (-7,3%) ва Чилонзор (-6,9%) туманларида қайд этилди. Янги уйлар сегментида энг катта пасайиш Учтепа (-9,7%), Юнусобод (-8,8%) ва Шайхонтоҳур (-7,7%) туманларида кузатилди.

Ижара бозори

Июн ойида Тошкентда уй-жой ижараси бозори барқарорлигини сақлади: ўртача ставка 1 кв. м учун $8,1 бўлиб қолди. Энг юқори нархлар анъанавий равишда марказий туманларда — Мирабад, Шайхонтоҳур ва Яккасаройда — қайд этилиб, ўртача $10,3 ни ташкил этмоқда. Йиллик ҳисобда ижара нархлари 2,6%га тушган бўлиб, энг катта пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.