Ўзбекистон

Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасига аризалар my.gov.uz орқали қабул қилинади

Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасига аризалар my.gov.uz орқали қабул қилинади
Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасига аризалар my.gov.uz орқали қабул қилинади  / Фото: my.gov.uz.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 24 сентябрь соат 18:00 дан бошлаб Ўзбекистонда давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун аризалар фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон шаклда қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Янги тартибга ўтиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ушбу қарор билан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризалар топшириш ҳамда давлат экологик экспертизаси хулосаларини электрон шаклда бериш тартиби белгиланган.

Янги механизмни ишга туширишга тайёргарлик доирасида зарур техник ишлар амалга оширилди. ЯИДХПда аризаларни топшириш ва тегишли хулосаларни электрон шаклда бериш жараёнлари тест режимида синовдан ўтказилди.

Тест натижаларига кўра, янги тартиб тўлиқ ишга тушириш учун тайёр деб топилди.

Шу муносабат билан 24 сентябрь соат 18:00 дан бошлаб давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун аризалар фақат my.gov.uz орқали қабул қилинади.

Шу билан бирга, мазкур вақтдан бошлаб аризалар eco-service.uz ихтисослаштирилган сайти орқали қабул қилинмайди.

Шу тариқа, давлат экологик экспертизасини олиш жараёни ягона рақамли каналга ўтказилмоқда. Бу аризаларни топшириш ва тегишли хулосаларни электрон шаклда расмийлаштириш жараёнини марказлаштириш имконини беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.