Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси спелеотуризмни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ҳамда юқори салоҳиятга эга 10 та объектдан иборат рўйхатни тасдиқлади. Уларнинг тўққизтаси ғор, биттаси эса туз кони ҳисобланади. Бу ҳақда Қонунчилик маълумотлари миллий базаси хабар берди.
Объектлар Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида жойлашган. Туристик инфратузилмани яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш ишлари 2026–2028 йилларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Ҳужжат Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган 2025 йил 21 ноябрдаги ПҚ-348-сон Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Ҳукумат Туризм қўмитаси, Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, Маданий мерос агентлиги ҳамда тўртта вилоят ҳокимликларининг энг юқори салоҳиятга эга ҳудудларда тажриба тариқасида спелеотуризмни ташкил этиш бўйича таклифини маъқуллади.
Рўйхатга қайси объектлар киритилди
Жиззах вилоятида рўйхатга Зомин туманидаги Пешагор ғори киритилди. У Туркистон тизмасининг шимоли-ғарбий тармоғидаги Моргузар тоғларида жойлашган.
Энг кўп объект Самарқанд вилоятига тўғри келади. Ургут туманида туман марказидан 7 километр узоқликдаги Чорчинор маҳалласида жойлашган Яхдон ғори, туманнинг жануби-шарқий қисмидаги Зарафшон тизмасида жойлашган Амандутон ғори ҳамда Каманғарон қишлоғи яқинидаги Қирқтоғ массивида жойлашган Киев ғори рўйхатга киритилди. Нуробод туманида эса туман марказидан 30 километр жануби-шарқдаги Оқсой қишлоғи яқинида жойлашган Ҳазрати Довуд ғори рўйхатдан ўрин олди.
Сурхондарё вилоятида Бойсун туманидаги Ҳисор тизмасида, Дарбанд қишлоғи атрофида жойлашган учта ғор — Қоронғу юлдуз, Бойбулоқ ва Тешиктош, шунингдек, Шеробод туманидаги Хўжаикон туз кони танлаб олинди. Қашқадарё вилоятида эса Яккабоғ туманидаги Амир Темур ғори рўйхатга киритилди. У Ҳисор тизмасининг тоғолди ҳудудида, Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида жойлашган. Туризм қўмитаси ушбу рўйхатга ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга.
Реестр, рақамли паспортлар ва маршрутлар
«Йўл харитаси»га мувофиқ, 2026 йил охирига қадар объектлар инвентаризациядан ўтказилади. 2027 йил март ойига қадар Миллий туризм платформаси билан интеграция қилинган ягона электрон реестр шакллантирилади. Ҳар бир объект учун географик координаталар, туристик салоҳияти, техник ҳолати ва ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон паспорт тузилади.
2027 йилда объектларни фото ва видеога олиш, июнь ойига қадар уларнинг 3D моделлари ва виртуал турларини ишлаб чиқиш, август ойига қадар эса QR-кодлар орқали ахборот бериш тизимини жорий этиш режалаштирилган. 2027 йил охирига қадар устувор объектлар учун бошқарув режалари ишлаб чиқилади ва жорий этилади.
Спелеотуристик маршрутлар 2027 йил апрель ойида тасдиқланиши, навигация ва кўрсаткич белгилари июль ойига қадар ўрнатилиши, электрон хариталар эса сентябрь ойига қадар Миллий туризм платформасига интеграция қилиниши керак. Онлайн брон қилиш, электрон гид ва QR-код орқали ахборот бериш тизимларини 2027 йил июль ойига қадар жорий этиш режалаштирилган.
Инфратузилма ва меҳмон уйлари
Тўртта вилоят ҳокимликларига 2027–2028 йилларда объектларда муҳандислик-коммуникация ва туристик инфратузилмани, жумладан, автомобиль тураргоҳлари, дам олиш жойлари ҳамда санитария-гигиена пунктларини ташкил этиш топширилди. Бу ишлар экологик ва санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Уларни 2029 йил январь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳокимликлар Туризм қўмитаси билан биргаликда маҳаллий аҳолига оилавий меҳмон уйларини очишда кўмаклашади, шунингдек, маҳаллий гидлар хизматларини ривожлантиради.
Туристик инфратузилма учун ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага ёки доимий фойдаланишга ажратилади. Маданий мерос объектларига киритилган ҳудудларда қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари фақат Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги объектларда бундай ишлар Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси билан мажбурий тарзда келишилади ва фақат тегишли рухсатномалар олинганидан сўнг амалга оширилади.
Туристлар хавфсизлиги ва экология
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уч ой муддатда Туризм қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида назорат инспекцияси билан биргаликда объектларга ташриф буюрувчи туристлар хавфсизлигини таъминлаш қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.
2027 йилдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги объектларда йилига икки марта ўқув-амалий машғулотлар ўтказади. 2027 йил март ойига қадар объектларга огоҳлантирувчи белгилар, эвакуация схемалари ва ахборот стендлари ўрнатилади.
Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитасига спелеотуризм ривожлантириладиган ҳудудларда давлат экологик назоратини амалга ошириш тавсия этилди. 2027 йилда объектларнинг экологик ҳолати ва антропоген юкламасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади ҳамда уларнинг экологик мониторинги ташкил этилади.
Соҳа учун мутахассислар ва гидлар тайёрланади. Ўқув дастурлари 2027 йил февраль ойида, гидлар ва инструкторлар учун курслар апрель ойида, малака ва сертификатлаш тизими эса июнь ойида ишлаб чиқилиши керак.
Илм-фан ва тарғиб
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2027 йил май–июнь ойларида спелеотуризмни ривожлантиришга бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказади. Унда Халқаро спелеологлар иттифоқи, минтақавий иттифоқлар ва ассоциациялар экспертлари, етакчи олимлар ва тадқиқотчилар, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари, Грузия, Россия, Хитой ва Вьетнамда экскурсион ғорларни бошқарувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этади. 2027 йилдан бошлаб вазирлик спелеология, геология, гидрология ва биоспелеология соҳаларидаги тадқиқотлар учун ҳар йили халқаро грантларни жалб қилади.
Туризм қўмитаси 2026 йил охирига қадар объектлар ҳақида медиа маҳсулотлар тайёрлаб, уларни Миллий туризм платформасига жойлаштириши керак. 2027 йилдан бошлаб қўмита ҳар йили халқаро илмий экспедициялар ташкил этади. Миллий телерадиокомпания ва Кинематография агентлиги билан биргаликда қўмита Ўзбекистондаги спелеотуризм ҳақида хорижий телеканаллар учун ҳужжатли фильмлар яратади. Улар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, ҳомийлик маблағлари ва тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан тайёрланади.
Инвестициялар ва молиялаштириш
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2026–2027 йилларда хусусий сектор ва инвестицияларни объектларни ривожлантиришга жалб қилиш билан шуғулланади. 2027 йилдан бошлаб эса хорижий ва маҳаллий инвесторлар иштирокида ҳар йили инвестиция форумлари, тақдимотлар ва ишбилармонлик учрашувлари ўтказилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2027 йилдан бошлаб танлаб олинган объектлардаги лойиҳаларни ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиб боради. Уларни халқаро грантлар, хусусий инвестициялар, давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш мумкин.