Туризм

Мирзиёев 2030 йилга қадар 20 миллион сайёҳ жалб этиш мақсадини қўйди

Мирзиёев 2030 йилга қадар 20 миллион сайёҳ жалб этиш мақсадини қўйди
Мирзиёев 2030 йилга қадар 20 миллион сайёҳ жалб этиш мақсадини қўйди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни туризм соҳаси ходимларини Бутунжаҳон туризм куни билан табриклаб, яқин йилларга мўлжалланган мақсадларни белгилаб берди.

2030 йилга қадар мамлакат йилига 20 миллион нафар хорижий сайёҳни қабул қилиш, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, туристик хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш ва юқори даражали меҳмонхоналар сонини икки баробар кўпайтиришни мақсад қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Табрикномада соҳанинг ривожланиши бўйича натижалар ҳам келтирилган. 2025 йилда Ўзбекистонга қарийб 12 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, бу кўрсаткич 2016 йилдагидан камида олти баравар кўп. Туристик хизматлар экспорти 11 баравар ўсиб, 4,8 миллиард долларни ташкил этган. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, очиқлик сиёсати, визани расмийлаштириш тартибининг соддалаштирилиши, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилиши, шунингдек, тадбиркорлар учун солиқ ва божхона имтиёзларининг жорий этилиши соҳа ривожига янги суръат бермоқда.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027 йилни Барқарор ва бардошли туризм халқаро йили деб эълон қилганини қайд этди. БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти Ўзбекистонни дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта туристик йўналиш қаторига киритган.

Мурожаатда янги инфратузилма лойиҳалари ҳам санаб ўтилган. Хивада халқаро туристик шаҳарча, конгресс-марказ ва тарихий-этнографик парк ташкил этиш, Ичан-Қалъани эса рақамли технологиялар асосида «ақлли» музей мажмуасига айлантириш режалаштирилмоқда.

Самарқандда ноёб экспонатлар тўпламига эга Ипак йўли музейи барпо этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликларга янги йўналишлар очилади, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида «Гилон» мажмуаси, Наманган вилоятининг Поп туманида эса «Арашан» мажмуаси ташкил этилади.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, республика аҳолиси ва хорижий меҳмонларда Янги Ўзбекистоннинг визит карточкасига айланган диққатга сазовор масканлар, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари, шунингдек, Замонавий санъат маркази катта қизиқиш уйғотмоқда.

Соҳанинг устувор вазифалари қаторига замонавий технологияларни жорий этиш, ягона миллий туристик платформани ишга тушириш, туристик хизматларни ягона тизимга интеграция қилиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда кадрлар малакасини мунтазам ошириш киритилган.

Қўшимча қиймати юқори бўлган йўналишларни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилмоқда. Булар гастрономик, экологик, зиёрат, тиббий, тоғ ва саргузашт, ишбилармонлик, этно ва қишлоқ туризмини ўз ичига олади.

Давлат раҳбари туроператорлар ва турагентлар, меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари ходимлари, гидлар ва экскурсоводлар, ресторанлар ходимлари, транспорт ва сервис компаниялари вакиллари, ҳунармандлар, маданият соҳаси вакиллари, музей ходимлари ва устозларга миннатдорлик билдирди.

У соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, унинг ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш масалалари эътибор марказида қолишини таъкидлади ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими» фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.