Туризм

Ўзбекистон ва Бельгия туризм ва авиақатновни ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Бельгия туризм ва авиақатновни ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Бельгия туризм ва авиақатновни ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси Бельгиянинг Ўзбекистондаги биринчи Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маттиас Кенде билан туристик ҳамкорликни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро туристик оқимни ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.

Учрашув 22 сентябрь куни бўлиб ўтди. Томонлар икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.

Бельгия томони Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги транспорт қатновини яхшилаш, жумладан, икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйиш имкониятларини ўрганишни таклиф қилди.

Туризм қўмитаси раиси хорижий авиакомпанияларни Ўзбекистонда янги йўналишларни очишга рағбатлантириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва субсидиялаш механизмлари амал қилаётганини таъкидлади.

Томонлар икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ва Ўзбекистоннинг туристик брендини Бельгия ҳамда Европа бозорларида намойиш этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг 2029 йилда ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган «Europalia» халқаро фестивалида «Меҳмон мамлакат» мақомида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Музокаралар давомида туризм ва меҳмондўстлик соҳасига инвестицияларни жалб қилиш шартлари, жумладан, инвесторлар учун амалдаги субсидиялар ва имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Бундан ташқари, томонлар туризм ва меҳмонхона соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш, таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва касбий тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

Бельгия Миллий туризм маъмурияти вакиллари 25–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида (ТМТЯ–2026) иштирок этишга таклиф қилинди. Ярмарка доирасида БМТ Туризм ташкилоти (UN Tourism) билан ҳамкорликда ташкил этиладиган «2027 йил — Барқарор ва бардошли туризм халқаро йили»нинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Учрашув якунига кўра, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, амалий алоқаларни кенгайтириш ва туризм соҳасида янги қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.