Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Хитой компаниялари шамол энергияси ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни муҳокама қилишди

UzDaily · 16.06.2026 · 22:30 · 21 views
Ўзбекистон ва Хитой компаниялари шамол энергияси ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Хитой компаниялари шамол энергияси ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Хитойнинг “Goldwind Science & Technology” компанияси вице-президенти Ву Каи ҳамда “Sinoma Science & Technology” компанияси вице-президенти Ванг Хин билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида юртимизда шамол энергетикаси соҳаси учун юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги саноат қувватларини барпо этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида шамол электр станциялари учун гибрид темир-бетон миноралар, Жиззах вилоятининг Зомин туманида эса композит парраклар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш, маҳаллий саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш масалалари бўйича келишувга эришдилар.

Қайд этилганидек, мазкур лойиҳалар шамол энергетикаси соҳасида маҳаллий саноат занжирини шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, шамол турбиналари учун миноралар ва композит парраклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси Марказий Осиёдаги илк йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Учрашув якунида томонлар амалга оширилаётган энергетика лойиҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий контент улушини ошириш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

UzDaily · 👁 21 views · 16.06.2026 · 22:30