Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Шри-Ланка бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 13.07.2026 · 10:00 · 21 views
Ўзбекистон ва Шри-Ланка бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Шри-Ланка бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Шри-Ланка Ташқи ишлар, хорижий бандлик ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Аруни Ранаража бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот марказида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўлди.

Хусусан, туризм, тўқимачилик, ахборот технологиялари, заргарлик саноати ва фармацевтика каби истиқболли соҳаларда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам институционал асос яратиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Шри-Ланка Миллий Савдо-саноат палатаси ўртасида Англашув меморандумини имзолаш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, Шри-Ланка томони ўзбекистонлик тадбиркорларни «Sri Lanka Expo 2027» халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди. Ушбу нуфузли майдон янги бизнес шериклар топиш, ташқи бозорларга чиқиш, инвестициявий салоҳиятни намойиш этиш ва савдо алоқаларини кенгайтириш учун муҳим имконият бўлиб хизмат қилади.

Учрашув якунида муҳокама қилинган ташаббусларни амалий натижаларга айлантириш ва ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантиришга келишиб олинди.