Иқтисод

Ўзбекистон ва Озарбайжон энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Озарбайжон энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Oʻzbekiston Energetika vazirligi.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 сентябрь куни Бокуда Ўзбекистон энергетика вазири Шерзод Хўжаев Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов билан учрашди.

Томонлар август ойида икки давлат раҳбарларининг учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.

Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, томонлар электр энергетикаси ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорлик, «Марказий Осиё — Озарбайжон яшил энергетика коридори» лойиҳасини амалга ошириш, геология-қидирув ишларини олиб бориш, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, нефтьни қайта ишлаш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни кўриб чиқди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро ишонч асосидаги ҳамкорлик стратегик шерикликни, жумладан, энергетика соҳасида янада ривожлантириш учун асос яратаётгани таъкидланди.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Озарбайжон Энергетика вазирлиги 2026–2028 йилларга мўлжалланган энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Йўл харитасини имзолади.

Ҳужжатда «Яшил энергетика коридори» лойиҳасини амалга ошириш, нефть-газ соҳасида геология-қидирув ва қазиб чиқариш йўналишларида ҳамкорлик қилиш, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш, нефтьни қайта ишлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, шунингдек, SOCARнинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш назарда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.