Шошилинч
7
Технологиялар

Ўзбекистон ва Канада сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Канада сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Канада сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Канада рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Дагган билан учрашув ўтказди.

Томонлар рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва стартапларни ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.

Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT-компаниялар учун яратилган шарт-шароитлар, солиқ имтиёзлари ва IT Park резидентлари учун мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, хорижий компанияларни маҳаллий бозорга жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни тақдим этди.

Вазирлик маълумотларига кўра, IT Park резидентлари сифатида Канаданинг 11 та компанияси рўйхатдан ўтган.

Учрашувда масофавий хизматлар экспортини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Канада компаниялари мамлакатда бизнес очиш, минтақавий бошқарув офисларини ташкил этиш ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилишга таклиф этилди.

Томонлар сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. Ўзбекистон мамлакатдаги 5 миллион нафар аҳолининг сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ташаббусини тақдим этди.

Тақдим этилган йўналишлар қаторида Coursera билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этиш масалалари ўрин олди.

Учрашув иштирокчилари сунъий интеллектни жорий этишда инсон манфаатларини ҳисобга олиш, янги иш ўринларини яратиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, очиқ дастурий кодга эга технологияларнинг салоҳияти қайд этилди.

Томонлар сунъий интеллектнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш бўйича халқаро тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди. Бунинг учун экспертлар учрашувлари ва қўшма муҳокамаларни ташкил этиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, музокараларда Канада стартап акселераторлари, венчур фондлари ва технологик компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Канада элчиси мамлакат компанияларининг Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.