Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва JICA йўл лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштиради

UzDaily · 19.06.2026 · 09:40 · 25 views
Ўзбекистон ва JICA йўл лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштиради

Ўзбекистон ва JICA йўл лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Транспорт вазирлигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — JICA делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда JICA (Japan International Cooperation Agency)витце-президенти Ёшикава Ёшифуми, Транспорт вазири ўринбосари Илхомжон Абдугафаров ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсуновлар иштирок этишди.

Учрашувда томонлар JICA ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати, уларни жадаллаштириш билан боғлиқ жиҳатларни муҳокама этишди. 

Хусусан, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи туннелни қуриш, Самарқанд вилоятида 37 км йўл ва 4 та кўприкни реконструкция қилиш ҳамда Андижон вилоятида 45 км йўлни реконструкция қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда атроф-муҳит ва экологияни асрашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, энг оптимал ечимларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. 

Томонлар лойиҳалар доирасида амалий ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этиб, ушбу йўналишда келгусидаги амалий ишлар белгилаб олинди. 

Шунингдек, учрашувда йўл хўжалиги мутахассисларининг илмий ва амалий тажрибаларини янада ошириш учун Япония тажрибасини ўрганиш масалаларини грант маблағлар асосида ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Хусусан, туннель ва автомагистралларни лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишда Япония тажрибасини ўрганиш мақсадида ўзаро малака ошириш курсларини ташкил этиш ташаббуси билдирилди.

UzDaily · 👁 25 views · 19.06.2026 · 09:40