Ўзбекистон ва Жаҳон банки туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Жаҳон банки гуруҳининг шаҳарсозлик, субмиллий молия, туризм ва офатлар хавфини бошқариш бўйича глобал директори доктор Минг Чжан билан учрашув ўтказди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида туризм соҳасини ривожлантириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда барқарор инфратузилмани шакллантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. 

Музокаралар чоғида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида туризмни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган мақсадларнинг якуний босқичида эканлиги ва бу борада қатор лойиҳаларни амалга оширилишида Жаҳон банки ўз тажрибаси билан кўмаклашишга тайёр эканлиги қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган “Марказий Осиё туризм ҳалқаси” лойиҳасининг аҳамияти бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Учрашувда туризм инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда мазкур йўналишга давлат инвестициялари изчил ошиб бораётгани, бу эса янги туристик масканларни ташкил этиш, хизматлар турини кенгайтириш ва маҳаллий аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда ҳудудлардаги туризм дирекцияларининг департаментлари салоҳиятини ошириш, лойиҳаларни бошқариш, молиявий барқарорлик ва халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича қисқа муддатли ўқув дастурларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар туристлар учун қулай навигация тизимини шакллантириш мақсадида республика бўйлаб асосий автомобиль йўлларида 700 та туристик йўл кўрсаткичлари ва йўналтирувчи белгиларни ўрнатиш, шунингдек, замонавий сервис ҳудудлари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш лойиҳалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Учрашув якунларига кўра, томонлар туризмни иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг муҳим драйвери сифатида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, инфратузилмани молиялаштириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг