Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Германия бизнесни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Германия бизнесни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Германия бизнесни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бизнес-омбудсмани Абдуманноп Буриев Германия вакиллари билан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Тошкентда «Бизнесда ҳалоллик» мавзусидаги V халқаро форум доирасида бўлиб ўтди. Музокараларда Германия элчихонасининг иқтисодий бўлими раҳбари ва матбуот котиби Ребекка Довергне, шунингдек, Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Эдуард Кинсбрунер иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, бизнес юритиш учун шаффоф ва барқарор шароитлар яратиш бўйича биргаликда ишлаш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашувда тадбиркорларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, давлат ва бизнес ўртасида очиқ мулоқотни ривожлантириш ҳамда ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартиришга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар кун тартибидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳам ўрин олди. Томонлар немис экспертларини жалб қилган ҳолда амалий ўқув дастурларини ўтказиш ва коррупциявий хавфларнинг олдини олиш соҳасида тажриба алмашишни муҳокама қилди.

Учрашув якунида иштирокчилар 2027 йилга мўлжалланган режалар юзасидан фикр алмашди. Ушбу режалар ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этишни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.