Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Малайзия пенсия жамғармалари маблағларини бошқариш ҳамда инвестиция фаолияти соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.
Пенсия жамғармаси вакиллари бошчилигидаги делегация пенсия таъминоти соҳасидаги хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон томони Малайзиянинг Ходимлар жамғарма фонди (Employees Provident Fund, EPF) фаолияти билан танишди. Шунингдек, ташкилот вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Томонлар EPFнинг ваколатлари, бошқарув тамойиллари ва институционал тузилмасини кўриб чиқди. Пенсия маблағларини инвестиция қилиш стратегияларига, жумладан, шариат тамойилларига мувофиқ инвестиция киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар инвестициявий хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тизими, шунингдек, пенсия активларини узоқ муддатли бошқариш ёндашувларини ҳам муҳокама қилди.
EPF мутахассислари Ўзбекистон делегациясига фондда қўлланиладиган инвестиция стратегиясини шакллантириш ва хатарларни бошқаришнинг амалий усуллари ҳақида маълумот берди.
Ташриф Малайзиянинг пенсия маблағларини бошқариш ва инвестиция қилиш тажрибасини ўрганиш, шунингдек, уни Ўзбекистон пенсия тизимини такомиллаштиришда қўллаш имкониятларини баҳолашга қаратилган.
Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат вакиллари тажриба алмашишни давом эттириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.