Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистоннинг Top Oil компаниясига айланма маблағларини мустаҳкамлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш учун 28 млн долларгача кредит ажратади. Бу ҳақда ЕТТБ хабар берди.
Top Oil Ўзбекистонда ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Ички бозорда корхона ўз маҳсулотларини Milter бренди остида сотади.
25 млн евро эквивалентидаги 28 млн долларгача бўлган кредит корхонанинг молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш ва янги ишлаб чиқариш линияларини ишга туширишга ёрдам беради. Молиялаштириш компания фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Кредит маблағларидан ташқари, ЕТТБ техник ҳамкорликни молиялаштириш учун ҳам маблағ жалб қилади. Бу компанияга ишлаб чиқариш жараёнларида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш ва оқова сувларни тозалаш ускунасини ўрнатиш имконини беради.
Шунингдек, талабалар учун таълим дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Банк хабарномасида дастур мазмуни ва унинг иштирокчилари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
ЕТТБ маълум қилишича, айни вақтга қадар банкнинг Ўзбекистонга киритган инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 6,9 млрд долларни (6,5 млрд евро) ташкил этган. Маблағлар 219 та лойиҳани амалга оширишга йўналтирилган.