Ўзбекистон

Ўзбекистон бизнес-омбудсмани Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон бизнес-омбудсмани Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон бизнес-омбудсмани Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Бизнес Омбудсмани матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — бизнес-омбудсман Абдуманноп Буриев Европа Иттифоқи вакиллари билан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Тошкентда бўлиб ўтган «Бизнесда ҳалоллик» мавзусидаги V халқаро форум доирасида ташкил этилди. Европа Иттифоқи делегациясига Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Христос Маразопулос раҳбарлик қилди.

Томонлар давлат назорати ва рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришда Европа тажрибасидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.

Шунингдек, тадбиркорлар мурожаатларини тизимли таҳлил қилиш ҳамда ҳудудларда бизнес ҳамжамияти билан мулоқотни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларнинг алоҳида мавзуси мутахассислар учун амалий семинарлар, экспертлар учрашувлари ва ўқув дастурларини ташкил этиш бўлди.

Бунда Европа Иттифоқининг техник ёрдам кўрсатиш бўйича TAIEX дастури ҳам эҳтимолий воситалардан бири сифатида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни муҳокама қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.