Ўзбекистон

Ўзбекистон Сибирдан сув келтиришдан кўра, уни тежашни афзал кўрмоқда

Ўзбекистон Сибирдан сув келтиришдан кўра, уни тежашни афзал кўрмоқда
Ўзбекистон Сибирдан сув келтиришдан кўра, уни тежашни афзал кўрмоқда / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш бўйича қиммат лойиҳада иштирок этишдан кўра, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали сув сарфини камайтиришни иқтисодий жиҳатдан мақбул деб ҳисоблайди. Бу ҳақда сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев 19 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, россиялик олимлар Сибирдан Марказий Осиёга сув етказиб бериш имкониятини яна муҳокама қилмоқда. Таклиф этилаётган вариантлардан бири йилига қарийб 5 млрд куб метр сувни буришни назарда тутади. Бунинг учун дастлабки инвестициялар 100 млрд доллардан бошланиши мумкин.

Ҳамраевнинг эслатишича, бундай режалар ҳали совет давридаёқ ишлаб чиқилган. Ўша вақтда сувни ташишнинг турли усуллари ўрганилган, бироқ 1986 йил 14 августда СССР ҳукумати лойиҳа бўйича ишларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Вазир Ўзбекистон бошқа ҳудудлардан сувни катта харажатлар эвазига олиб келишсиз ҳам сув ресурсларини сезиларли даражада тежашга эришганини таъкидлади.

«Биз ўзимиз аллақачон 11 млрд куб метр сувни тежаяпмиз. Бунда 100 млрд доллар сарфлаганимиз йўқ. Агар барча чора-тадбирларимиз учун қилинган харажатларни жамласак, эҳтимол, тахминан 5 млрд доллар келиб чиқади», — деди Ҳамраев.

Унинг баҳолашича, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга қўшимча 5–10 млрд доллар инвестиция киритиш мамлакатга янада кўпроқ сувни тежаш имконини беради.

Шу билан бирга, вазир келажакда Ўзбекистонга сув таъминотининг қўшимча манбалари керак бўлиши мумкинлигини истисно этмади. Унинг айтишича, бундай эҳтиёж иқлим ўзгариши, ёғингарчилик миқдори ва трансчегаравий дарёлар ҳавзаларидаги сув ҳажмига боғлиқ бўлади.

«Фараз қилайлик, 2050-йилларга келиб табиатда бундай мўъжиза рўй бермаса, сув йилдан-йилга камайиб борса ва иқлим ўзгариши бизга қарши таъсир кўрсатишда давом этса, биз қўшимча сув манбаларини излашга мажбур бўламиз», — деди Сув хўжалиги вазири.

Ҳамраев, шунингдек, совет давридаги лойиҳа ҳар йили қарийб 27 млрд куб метр сувни буришни назарда тутганини эслатди. Унинг фикрича, бундай тизим Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва қисман Туркманистон учун фойдали бўлиши мумкин эди. Вазир келгусидаги тадқиқотлар ва музокаралар лойиҳанинг мақсадга мувофиқлигини тасдиқласа, ушбу ғояга қайтиш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.

2025 йил ноябрь ойида Россия Фанлар академияси олимлари Обь дарёси оқимининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш имкониятини қайта ўрганишни таклиф қилган эди. Сувни очиқ каналлар орқали ташишни назарда тутган совет концепциясидан фарқли равишда, замонавий вариант ёпиқ қувурлар тизимидан фойдаланишни кўзда тутади.

Вариантлардан бири ҳар бирининг узунлиги қарийб 2 100 км бўлган еттита қувур линияси қурилишини назарда тутади. Биринчи босқичда йилига тахминан 5,5 млрд куб метр сув ташиш, кейинчалик эса бу ҳажмни уч-тўрт бараварга ошириш режалаштирилган.

«ИЭС Инжиниринг и Консалтинг» компанияси лойиҳалари раҳбари Дмитрий Созоновнинг баҳолашича, дастлабки инвестициялар камида 100 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. Йиллик эксплуатация харажатлари 700 млн доллардан 1,5 млрд долларгача баҳоланмоқда. Асосий қувватларни қуриш эса камида ўн йил давом этиши мумкин.

Россия Табиий ресурслар вазирлиги аввалроқ лойиҳа ҳужжатлари идорага келиб тушмаганини, муҳокамалар эса илмий-эксперт босқичида эканини маълум қилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда сувни тежаш дастурларини кенгайтириш ишлари давом этмоқда. 11 ноябрь куни Ҳамраев Қонунчилик палатасидаги чиқишида сув тежовчи технологиялар, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва рақамлаштириш натижасида 10,69 млрд куб метр сувни тежашга эришилганини маълум қилди.

Тежалган сувнинг қарийб 5 млрд куб метри сув тежовчи технологиялар ва ерларни лазер ёрдамида текислаш ҳисобига тўғри келади. Яна 3,14 млрд куб метр сув эса суғориш тармоқларини таъмирлаш, тиклаш ва бетонлаш орқали тежалган.

2025–2028 йилларга мўлжалланган сув хўжалигини ривожлантириш дастури доирасида 2 551 км ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва 1,4 млн гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш кўзда тутилган.

Режаларга мувофиқ, 2028 йилга бориб сувни йиллик тежаш ҳажми 14 млрд куб метрга, 2030 йилга келиб эса 15 млрд куб метрга етказилиши керак.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.