Ўзбекистон ва ЕТТБ стратегик шерикликни кенгайтиришни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва ЕТТБ стратегик шерикликни кенгайтиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Президенти Одил Рено-Бассо бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда, шунингдек, ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича бошқарувчи директори Ҳусейин Ўзҳан, Молиявий институтлар бўйича бошқарувчи директор Франсис Малиж ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон ЕТТБнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорларидан бири эканлиги, бугунги кунда банк билан ҳамкорликда молия сектори, инфратузилма, энергетика, транспорт, хусусий сектор ва бошқа устувор йўналишларда лойиҳалар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув аввалида ЕТТБ томонидан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ҳамда Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси билан ҳамкорлик битимлари имзоланди. Мазкур келишувлар мамлакатда молиявий инструментлардан имкониятларини кенгайтириш, жумладан, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, ёш тадбиркорлар учун молиявий имкониятларни кенгайтириш ҳамда ипотека бозорини ривожлантиришга хизмат қилади.
Томонлар давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан ҳам фикр алмашди. Банк секторида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, активлар сифатини баҳолаш, халқаро стандартларни жорий этиш ва хусусий капитал иштирокини кенгайтириш ушбу йўналишдаги муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётида кузатилаётган барқарор ўсиш суръатлари, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфлацияни пасайтириш, буджет интизомини мустаҳкамлаш ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Якунда томонлар Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш, молия секторини ислоҳ қилиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма ва капитал бозорларини ривожлантириш бўйича амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.