Иқтисод

Ўзбекистон ва ECOSA уруғчилик соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ECOSA уруғчилик соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва ECOSA уруғчилик соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир ўринбосари Алишер Шукуров Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти уруғчилик ассоциацияси (ECOSA) президенти Йилдирой Генчер билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Учрашувда уруғчилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сифатли ва юқори ҳосилдор уруғлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, ECOSA доирасида тажриба алмашинувини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистоннинг уруғчилик соҳасидаги салоҳиятини ошириш, ECOSAга аъзо давлатлар билан амалий алоқаларни кенгайтириш, илғор тажриба ва технологиялар алмашинувини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири жорий йил 27–28 октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган ECOSAнинг 9-саммитига тайёргарлик кўриш бўлди.

Хусусан, саммитни ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тадбирда иштирок этиши ҳамда уруғчилик соҳасининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Томонлар саммитни уруғчилик соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим платформа сифатида ташкил этиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Учрашув якунида томонлар ECOSAнинг 9-саммитига тайёргарлик доирасида ҳамкорликни давом эттириш, уруғчилик соҳасида ўзаро манфаатли йўналишларни ривожлантириш ва келишилган ташаббуслар устида ишлашга келишиб олдилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.