Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва БиоВитрум фармацевтика ишлаб чиқаришини яратиш масаласини муҳокама қилмоқда

Дилафруз Ниязова · 25.04.2025 · 15:00 · 263 views
Ўзбекистон ва БиоВитрум фармацевтика ишлаб чиқаришини яратиш масаласини муҳокама қилмоқда
Ўзбекистон ва БиоВитрум фармацевтика ишлаб чиқаришини яратиш масаласини муҳокама қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Россиянинг "БиоВитрум" компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда инвестиция масалалари, шунингдек, "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳаси доирасида тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар муҳокама қилинди.

"БиоВитрум" компанияси лаборатория диагностикаси соҳасида 20 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб келмоқда. Компания Россияда тиббий ускуналар, реагентлар ва IT хизматларини етказиб берувчи ҳамда ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири ҳисобланади. "БиоВитрум" портфелида 300 дан ортиқ маҳсулот, жумладан, лаборатория сарф материаллари, ускуналар ва инновацион IT ечимлари мавжуд.

Компания вакиллари 2024 йили Ленинград вилоятида барпо этилган, илмий-тадқиқот маркази ва сифат назорати лабораториясига эга бўлган янги ишлаб чиқариш-омбор мажмуаси ҳақида тақдимот ўтказдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам шундай ишлаб чиқариш мажмуасини яратиш нияти борлигини маълум қилдилар.

"БиоВитрум" компанияси вакиллари Ўзбекистонда дунё бўйлаб бор-йўғи бешта компания ишлаб чиқарадиган парафин маҳсулотини ишлаб чиқаришни режалаштираётганини билдирдилар.

Агентлик директори компаниянинг мазкур ташаббусини юқори баҳолаб, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни муваффақиятли йўлга қўйиш учун агентлик томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.