Рақобат қўмитаси 5,7 млрд сўмлик тендер бўйича иш қўзғатди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошланғич қиймати 5,7 млрд сўм бўлган 475 та сейсмик датчик тўпламини харид қилиш тендерини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган бўлиши мумкинлиги юзасидан иш қўзғатди.
Текширувга ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Бир манзил, умумий ўтмиш ва миллиардлик тендер» номли танқидий мақола асос бўлди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Материалларни ўрганиш жараёнида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази 2026 йил 4 август куни сейсмик датчикларни харид қилиш бўйича тендер эълон қилгани аниқланди.
Текширув якунларига кўра, Қўмита Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази, «Drilltechpro» МЧЖ ҳамда «Edulab» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни 29-моддаси талабларига риоя этилмагани аломатларини аниқлади. Идора маълумотига кўра, харид жараёни иштирокчиларининг ҳаракатлари рақобатни чеклаган ёки чеклашига олиб келган бўлиши мумкин.
Аниқланган ҳолатлар муносабати билан Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази, «Drilltechpro» МЧЖ ва «Edulab» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Қўмита маълум қилишича, ишни кўриб чиқиш якунланганидан сўнг қўшимча маълумот эълон қилинади.