Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Жалол Арашов бошчилигида Хитойнинг Фучжоу шаҳрида ёмғир сувларини бошқариш ва шаҳар ҳудудларини сув босишининг олдини олиш бўйича замонавий технологияларни ўрганмоқда. Ташриф Хитой Халқ Республикаси Уй-жой қурилиши, шаҳар ва қишлоқ тараққиёти вазирлиги таклифига биноан «Бутунжаҳон шаҳарлар куни — 2026» тадбири доирасида ташкил этилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Сафарнинг асосий мақсади — замонавий дренаж тизимларини яратиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш ва бундай ечимларни Тошкент ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида қўллаш имкониятларини баҳолаш.
Дастур доирасида делегация ёмғир сувларини йиғиш ва оқизишга мўлжалланган инфратузилма объектлари, шунингдек, «Шимувчи шаҳар» (Sponge City) концепцияси асосида қўлланиладиган технологиялар билан танишди. Ушбу концепция шаҳар ҳудудларида ёғингарчилик сувларининг табиий равишда ерга сингиши, фильтрланиши ва тўпланишини назарда тутади.
Хитой томони ёмғир сувларини ер ости резервуарларида вақтинча сақлаш ва кейинчалик уларни аста-секин оқизиш технологиясини тақдим этди.
Жумладан, иштирокчиларга бундай иншоотларни автомобиль тўхташ жойлари остида қуриш тажрибаси кўрсатилди. Бу зич шаҳарсозлик шароитида ер ости майдонидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Делегация, шунингдек, дренаж инфратузилмаси аҳоли дам олиши учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари билан уйғунлаштирилган шаҳар боғи билан танишди.
Шаҳар сув тизимларини бошқаришда рақамли ечимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга марказлаштирилган мониторинг олиб бориш, сув тошқини хавфини прогноз қилиш ва роботлаштирилган камералар ёрдамида қувурларнинг ҳолатини текшириш имкониятлари намойиш этилди. Бундан ташқари, сув босиши хавфи ва бошқа фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш механизмлари тақдим қилинди.
Ташриф давомида дренаж инфратузилмасини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш масалалари юзасидан Хитой муҳандислари ва лойиҳачилари билан фикр алмашилди.
Ўрганилган технологияларни Ўзбекистонда шаҳар дренаж тизимларини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлашда ҳисобга олиш режалаштирилган.
Белгиланган вазифалар қаторига кучли ёғингарчилик пайтида сув босиши хавфини камайтириш, шунингдек, хавфсиз ва қулай шаҳар муҳитини яратиш киради.