Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон прокуратура органлари 560 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклади ва 2,3 трлн сўмлик зарар ундирилишини таъминлади. Бу маълумотлар Сенатнинг 21-ялпи мажлисида эшитилган Бош прокурор ҳисоботида келтирилди.
Ҳисобот даврида прокуратура органлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлашга эътибор қаратди.
Прокурорлик назорати маданият, спорт, туризм, қурилиш, экология ва энергетика соҳалари, шунингдек, бошқа йўналишларда қонунчилик ижросини қамраб олди.
Текширувлар натижасида прокурорлар қонунчиликка зид бўлган қарийб 50 мингта ҳужжатга протест келтирди ва 32 мингдан ортиқ тақдимнома киритди. Судларга етказилган зарарни қоплаш бўйича умумий қиймати 1,4 трлн сўмдан ортиқ бўлган 20 мингдан зиёд ариза юборилди.
30 267 нафар тадбиркор ва хорижий инвесторнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди.
Прокурорлик текширувлари ва дастлабки тергов жараёнида ҳам 2,3 трлн сўмлик зарар ундирилишига эришилди.
Сенаторлар прокуратура органлари фаолияти натижаларини эътироф этган ҳолда, бир қатор йўналишларда назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, соғлиқни сақлаш, репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси масаласига эътибор қаратилди.
Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Кейинги фаолиятнинг устувор йўналишлари сифатида гиёҳвандлик, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупциянинг олдини олиш белгиланди. Сенаторлар криминоген хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва прогнозлашни фаоллаштиришни, жумладан, криминоген вазият хариталарини шакллантиришда сунъий интеллектдан фойдаланишни ҳам тавсия қилди.
Муҳокама якунлари бўйича Сенат тегишли қарор қабул қилди.