Ўзбекистон Президенти АҚШнинг “Air Products” компанияси раҳбарини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти АҚШнинг “Air Products” компанияси раҳбарини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Air Products” компанияси бош ижрочи директори Эдуардо Менезесни қабул қилди.
Мамлакатимизда юқори технологияли саноат корхоналарини барпо этишга фаол инвестиция киритаётган АҚШнинг мазкур компанияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
“Air Products” саноат газларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири бўлиб, унинг бозор капиталлашуви 60 миллиард доллардан ошган. Компания ҳар йили 50 дан ортиқ мамлакатда 200 миллион тонна саноат газларини ишлаб чиқариб, 750 га яқин ишлаб чиқариш объектларини ўз ичига олган тармоқни бошқаради.
Айни пайтда компаниянинг юртимизга йўналтирган инвестицияларининг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. “GTL Uzbekistan” заводида саноат газларини қайта ишлаш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида водород ишлаб чиқариш ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида суюқ углерод диоксиди ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ҳамда Тошкент ва Қарши шаҳарларида таълим дастурлари амалга оширилган.
Учрашув якунида компания иштирокидаги янги лойиҳаларни амалга оширишни “йўл харитаси” асосида жадаллаштириш юзасидан келишиб олинди.