Ўзбекистон “Нол бюрократия” ташаббуси бўйича халқаро тадбирда иштирок этди
Ўзбекистон “Нол бюрократия” ташаббуси бўйича халқаро тадбирда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг баҳорги учрашувлари доирасида “UAE Zero Bureaucracy and Government Experience Exchange” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев иштирок этиб, мамлакатимизда давлат бошқарувини соддалаштириш ва рақамлаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб “Нол бюрократия” дастури амалга оширилмоқда. У “Бюрократияни қисқартириш – 2030” стратегияси доирасида давлат хизматларини соддалаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлар учун маъмурий юкни камайтириш ҳамда шаффофликни оширишга қаратилган.
Тадбир давомида давлат хизматларини рақамлаштириш, маъмурий жараёнларни қисқартириш ва фуқароларга йўналтирилган хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси томонидан статистик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, маъмурий маълумотлар интеграциясини кучайтириш ҳамда ҳисобот юкини қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тадбирда Бирлашган Араб Амирликларининг “нол бюрократия” соҳасидаги илғор тажрибаси муҳокама қилиниб, давлат бошқарувини такомиллаштиришда рақамли технологиялар ва замонавий ёндашувларнинг аҳамияти таъкидланди.
Ўзбекистон томони халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва давлат хизматларини такомиллаштиришга тайёр эканини билдирди.