Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон Калифорнияда узумчилик тажрибасини ўрганди

Дилафруз Ниязова · 29.08.2026 · 12:40 · 35 views
Ўзбекистон Калифорнияда узумчилик тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон Калифорнияда узумчилик тажрибасини ўрганди / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси АҚШнинг Калифорния штатига ташриф буюриб, замонавий узумчилик технологиялари ва Grapa Global компанияси тажрибасини ўрганди. Ташриф якунлари бўйича истиқболли уруғсиз узум навларини Ўзбекистонда синаш, янги узумзорлар барпо этиш ва тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари замонавий селекция усуллари, узум етиштириш технологиялари ва истиқболли уруғсиз навлар билан танишди. Томонлар уларни Ўзбекистон шароитида синаб кўриш, жумладан, ҳосилдорлик, маҳаллий шароитга мослашув ва экспорт салоҳияти масалаларини кўриб чиқди.

Делегация кўчат материаллари етиштириладиган кўчатхонага, шунингдек, ҳосилни саралаш, қадоқлаш, совутиш ва сақлаш учун жиҳозланган комплексга ташриф буюрди.

Учрашувларда узумчиликни тўлиқ ишлаб чиқариш ва сотув занжири асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёндашув кўчат етиштириш ва узум парваришлашдан тортиб, тайёр маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган соҳани изчил ривожлантиришни назарда тутади.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар Ўзбекистонда истиқболли уруғсиз узум навларини синаб кўришга келишиб олди. Бундан ташқари, янги узумзорлар барпо этиш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни ташкил этиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, Agrostar Holding компанияси, шунингдек, фермерлар ва тадбиркорлар ўрин олди.