Шошилинч
Ўзбекистон

Ўзбекистон делегацияси аёл парламент аъзолари форумида иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси аёл парламент аъзолари форумида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси аёл парламент аъзолари форумида иштирок этди / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон парламенти делегацияси Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон аёл парламент аъзолари форумида иштирок этди.

Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари қатор халқаро мулоқот майдонларида хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш, аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу жараёнда фуқаролик жамияти ва хусусий секторнинг ўрни каби масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова форумнинг параллел панел сессияларида маъруза билан қатнашди.

Шунингдек, делегация аъзолари Мўғулистон Буюк Давлат Хурали депутати, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи раисининг ўринбосари Ц. Монхбат билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда парламентлараро гуруҳлар фаолиятини жонлантириш, соҳавий қўмиталар ўртасида мунтазам мулоқот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.