Навоийда Soliq Mobile орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинди
Навоийда Soliq Mobile орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент бошқармаси ходимлари Soliq Mobile иловасидан фойдаланган ҳолда бюджет маблағларини талон-торож қилишнинг навбатдаги ҳолатини аниқлади. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов маълумотларига кўра, Навоий шаҳрида 13 та компания ходимлари товарлар етказиб бериш бўйича жами 4,5 триллион сўмлик электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган.
Шундан сўнг мазкур маблағлар назорат-касса машиналари орқали ўтказилиб, товарларнинг аҳолига чакана сотилгани ҳақидаги кўриниш яратилган ва касса чекларини шакллантириш имконияти пайдо қилинган.
Натижада Soliq Mobile иловаси орқали 105 минг 524 нафар фуқаронинг ҳисоб рақамларига жами 34,8 миллиард сўм миқдорида кешбэк ҳисобланган.
Тергов версиясига кўра, ушбу схемада иштирок этган шахслар мазкур маблағларни ўзлаштириб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.