Мирзиёев Ҳиндистон раҳбариятига таъзия билдирди
Мирзиёев Ҳиндистон раҳбариятига таъзия билдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазир Нарендра Модига Уттар-Прадеш штатида юз берган кучли ёмғир ва бўрон оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жабрлангани муносабати билан таъзия йўллади.
Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этди, шунингдек барча жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Indian Express газетаси маълумотларига кўра, Уттар-Прадеш штатида табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 111 нафарга етган, яна 72 киши жароҳат олган.
13 май куни кечқурун штатнинг бир нечта туманларига кучли чанг бўрони, ёмғир ва момақалдироқ ёғингарчиликлари ёпирилган. Одамлар дарахтлар қулаши, турли конструкциялар вайрон бўлиши ва чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлган.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига полиция ва қутқарув хизматлари махсус техника, жумладан кранлар ва бензопилаларни жалб қилди.
Ҳиндистон ҳукумати жабрланган оилаларга тезкор тиббий ва молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.