Ўзбекистон

Мирзиёев денгизга чиқиш имконияти йўқ давлатлар учун озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини таклиф қилди

Мирзиёев денгизга чиқиш имконияти йўқ давлатлар учун озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини таклиф қилди
Мирзиёев денгизга чиқиш имконияти йўқ давлатлар учун озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини таклиф қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдан бошланадиган, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар ва уларнинг транзит ҳамкорларини бирлаштирадиган озиқ-овқат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Бу ҳақда Президентнинг Халқаро пахта куни ҳамда ривожланаётган денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференциялар иштирокчиларига йўллаган мурожаатида айтилган. Мурожаат 2026 йил 7 октябрь куни эълон қилинди.

Президент, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторларни озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, совутиш омборларида сақлаш ва ташиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга чақирди.

«Биз озиқ-овқат маҳсулотлари логистикаси ва савдосининг тўлиқ эркинлигини таъминлаш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни тартибга солувчи қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз», — дейилади мурожаатда.

Давлат раҳбарига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар, экспорт ва қўшилган қийматни эса уч баравар оширишни мақсад қилган. Бунинг учун мамлакат халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида.

Мирзиёев озиқ-овқат нархларининг ошишига иқлим ўзгариши, сув танқислиги, қурғоқчилик ва логистика занжирларидаги узилишлар сабаб бўлаётганини таъкидлади.

У БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига таяниб, дунёда 645 миллиондан ортиқ киши очликдан азият чекаётганини қайд этди. Президентнинг таъкидлашича, халқаро экспертлар баҳосига кўра, тегишли чоралар кўрилмаса, 2028 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллиард кишига етиши мумкин.

Мурожаатда таъкидланишича, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун юқори транспорт харажатлари ва транзит давлатлардаги муаммолар жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Бу омиллар озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Мурожаатнинг алоҳида қисми пахтачиликка бағишланган. Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида соҳа янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистонлик олимлар пахтанинг қарийб 300 та тезпишар навини яратди, пахта экиш, парваришлаш ва йиғиб-териб олиш жараёнлари тўлиқ механизациялаштирилди. Замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига фермерлар бир гектардан 100 центнергача пахта етиштирмоқда.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, Халқаро пахта куни Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва мамлакатни ишончли ҳамкор сифатида намоён этишга хизмат қилади.

Форумларда 30 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, экспертлар ва тадбиркорлар, шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.